ЙЎНАЛИШЛИ ТАКСИ ЙЎНАЛИШЛАРИ СОТИЛАДИМИ?

 Бугунги кунда муҳтарам Президентимиз томонларидан тадбиркорларга кенг йўл очиб берилмоқда ва уларнинг қонуний фаолият олиб боришлари учун барча шарт-шароитлар яратилмоқда.

Бироқ, айрим тадбиркорлар қинғир йўл орқали қонунни четлаб ўтган ҳолда фаолият олиб боришга уринишмоқда.

Жумладан, “Люкс авто йўналиш” МЧЖ таъсисчиси Н.Арипов бошқа бир тадбиркор билан ўзаро тил бириктириб, ушбу корхонага бириктирилган 4И-йўналишли такси йўналишини ноқонуний равишда 10 минг АҚШ долларига сотмоқчи бўлган. Ушбу ҳолат Тошкент шаҳар ҳокимлиги Йўловчи транспортининг барча турлари ҳаракатини лицензиялаш ва мувофиқлаштириш Департаменти ходимлари томонидан ўз вақтида аниқланиб, қонун бузилишига йўл қўйилишини олди олинди.

Келгусида бу каби қонун бузилиш ҳолатига йўл қўймаслик, тадбиркорлик фаолиятини ҳалол йўл билан қонуний амалга ошириш, акс ҳолда Департамент ўз ваколатидан келиб чиқиб, ушбу йўналишни бекор қилиш ҳуқуқига эга эканлиги юзасидан “Люкс авто йўналиш” МЧЖ таъсисчиси Н.Арипов билан  тушунтириш ишлари олиб борилди. Н.Арипов йўл қўйган камчилик ва хатоларини тан олиб, ушбу йўналишли таксида қонун доирасида фаолият олиб бориш бўйича ваъда берди ва ундан ёзма равишда кафолат хати олинди.   

Ўз навбатида, Тошкент шаҳар ҳокимлиги Йўловчи транспортининг барча турлари ҳаракатини лицензиялаш ва мувофиқлаштириш Департаменти томонидан бу каби қонун бузилиш ҳолатлари ва нопок йўл билан тадбиркорлик фаолиятини олиб бориш ҳолатларига чек қўйиш, қонунбузарларга нисбатан чоралар кўриш бўйича ишлар давом эттирилади.